Ўзбекистон ва Россия ташкилотлари қонуний муҳожирларга ёрдам беради
Тошкент. 23 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Россия ташкилотлари меҳнат муҳожирларини ташкилий равишда иш билан таъминлаш бўйича ҳамкорликни давом эттирмоқдалар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Хусусан, Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва “Бандлик ва хорижий меҳнат ресурслари маркази” ўртасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия ҳудудида вақтинчалик иш билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида Битим имзоланди.
Меҳнат вазирлигидан маълум қилишларича, Битимни Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи Р.Ибрагимов ва “Бандлик ва хорижий меҳнат ресурслари маркази” МЧЖ таъсисчиси А. Ҳалиловлар имзоладилар.
Р.Ибрагимовнинг таъкидлашича, Агентлик Россиянинг қатор минтақалари билан ҳамкорлик йўналишларини аста-секин кенгайтирмоқда.
А. Халиловнинг фикрига кўра, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ташкилий равишда иш билан таъминлаш бўйича келишув Ўзбекистон меҳнат ресурсларини Россияда легаллаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун кенг имкониятлар очади.
Сурат манбаи: из открытых источников


