Ўзбекистон ва Саудия Арабистони тўқимачилик ҚК ишга тушириш ниятидалар
Тошкент. 31 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Саудия Арабистони тўқимачилик ҚК ишга тушириш ниятидалар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси маълумотларига кўра, Ajlan & Bros корпорацияси бош директори жаноб Ничолас Гилани бошчилигидаги делегация билан учрашув 2019 йилнинг 24 январ куни бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, музокараларда томонлар Ўзбекистонда тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, уюшма раҳбарияти ва мутахассислари томонидан Ўзбекистонда бизнесни жорий этиш истиқболлари, жумладан, хорижий сармоядорлар учун тикув-трикотаж тармоғида яратилган шарт-шароит ва имтиёзлар, меҳнатга ҳақ тўлаш, инженерлик коммуникациялари таннархи ҳақида тўлиқ маълумотлар тақдим этилди.
“Учрашув якунлари бўйича хорижий компания вакиллари республикада тўқимачилик саноати соҳасида тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ниятида эканлигини маълум қилди”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, делегация Ўзбекистонда бўлиш доирасида лойиҳани жорий этиш масалаларини муҳокама қилиш учун Жиззах, Андижон ва Навоий вилоятларининг ҳокимликларида учрашувлар режалаштирган.
Эслатиб ўтамиз, тайёр тўқимачилик кийимлари ишлаб чиқариш соҳасида етакчи Ajlan & Bros корпорацияси Саудия Арабистонида 1979-йилда ташкил этилган. Умумий қиймати $2,2 млрд бўлган корпорация 10 дан ортиқ глобал брендлар (Ferrari, Maserati, Aston Martin, Puma, Nike, Adidas, Reebok ва бошқалар) билан ҳамкорлик қилади. Корпорацияда 9 мингдан ортиқ киши меҳнат қилади.
Сурат манбаи: https://nuz.uz