Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари биргаликда аксилтеррористик машғулотлари ўтказадилар

Дата: 12:18, 17-09-2018.

Тошкент. 17 сентябр. ЎзТАГ – 18-22 сентябр кунлари Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари Тожикистоннинг тоғли ҳудудларида ўтказиладиган аксилтеррор қўшма ўқув машғулотларида қатнашадилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигидан маълум қилишларича, 5 кун давомида Тожикистоннинг Сўғд вилоятида бўлиб ўтадиган ушбу машғулотларда ўзбекистон Мудофаа вазирлигига қарашли бўлинмалар ва тезкор гуруҳлардан иборат 100 нафарга яқин ҳарбийлар, Тожикистон Мудофаа вазирлигининг қатор ҳарбий бўлинмалари шартли террористик тўдаларни йўқ қилиш бўйича тоғли оғир шароитлардаги машғулотларда қатнашадилар.

Қайд этилишича, қўшма машғулотларда икки мамлакатдан жами 600 нафарга яқин ҳарбийлар қатнашадилар.

Ҳамкорликдаги ўқув машғулотлари Тожикистоннинг “Чоррух-Дайрон” ўқув маркази ва “Нурафшон” (Тожикистон) полигонида ўтказилади.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари 16 сентябр куни ҳамкорликдаги аксилтеррор машғулотларида иштирок этиш учун Тожикистонга етиб боришди.

Сурат манбаи: из https://news.tj

Янгилик билан ўртоқлашиш: