Ўзбекистон ва Тожикистон бир бирларига темир йўл чегирмалари тақдим этдилар

Дата: 11:25, 25-01-2019.

Тошкент. 25 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Тожикистон бир бирларига темир йўл чегирмалари тақдим этдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга доир ҳужжат “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва “Рохи охани Тожикистон” давлат унитар корхонаси раҳбарияти билан учрашувда тузилди.

“Ушбу учрашув иккитарафлама муносабатларни изчил ривожлантириш, шунингдек, манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадларида ташкил қилинди. Тадбирда асосий эътибор юк ва йўловчи ташиш соҳасида ўзаро келишган ҳолда иш олиб бориш, транзит юклари ҳажмларини оширишга қаратилди. Шунингдек, 2019 йилда икки томондан тақдим этиладиган чегирмалар хусусида ҳам фикр юритилди”, - дейилади “Ўзбекистон темир йўллари” ахборот хизматининг хабарида.

Қайд этилишича, ҳар икки давлат темир йўл тармоғида юк ва йўловчи ташишни кўпайтириш борасида янги имкониятларни ишга солишга ҳаракат қилади. Учрашув чоғида ушбу масалалар атрофлича муҳокама этилди ва амалга оширилиши зарур бўлган энг муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган 2018 йилда икки давлат учун муҳим бўлган бир қатор юкларга преференциялар берилган, импорт-экспорт ташувларда ўзига хос чегирмалар тақдим этилган эди.

Сурат манбаи: http://tiroz.org

Янгилик билан ўртоқлашиш: