Ўзбекистон ва Тожикистон бош прокуратуралари Ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги келишувни имзоладилар

Дата: 13:09, 09-02-2018.

Тошкент. 9 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Тожикистон бош прокуратуралари томонидан Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда чегара ҳудудидаги прокуратураларнинг ўзаро ҳамкорлиги масалаларида ҳуқуқий ёрдам ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Битим Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Муродовнинг Тожикистон Республикаси Бош прокурори Ю.Раҳмон бошчилигидаги делегация билан учрашуви доирасида имзоланди.

Меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита раҳбарлигида амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, жиноят қонунчилигини либераллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган чоралар ҳақида маълумот берилди.

Аниқ механизмларни жорий қилиш йўли билан терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш ҳамда минтақада хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, делегация аъзолари Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази, шунингдек, Бош прокуратуранинг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси ҳамда Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш муаммоларини таҳлил қилиш бошқармаси фаолияти билан танишдилар.

Тожикистон Республикаси Бош прокурори Ю.Раҳмон самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, бўлиб ўтган мулоқотдан мамнунлигини, учрашув ўзаро ҳуқуқий муносабатларнинг янада ривожланиши ва мустаҳкамланишига туртки бўлишини таъкидлади.

Сурат манбаи: http://darakchi.uz/ru/20420

Янгилик билан ўртоқлашиш: