Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегарасини демаркация қилиш бўйича музокаралар ўтказди
Тошкент. 17 апрель. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегарасини демаркация қилиш бўйича музокаралар ўтказди, дея хабар беради Ўзбекистон телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“11-17 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси делегацияларининг Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасини демаркация қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий масалалари бўйича навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Музокарада томонлар Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегараларини демаркация қилиш бўйича норматив-техник ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрладилар, шунингдек, дала ишлари режа-жадвалини келишиб олдилар.
Тадбир якунида протокол имзоланди. Икки мамлакат делегацияларининг навбатдаги учрашуви май ойининг иккинчи ўн кунлигида Тожикистон ҳудудида бўлиб ўтади.
Сурат манбаи: lifesip.com