Ўзбекистон ва Тожикистон темир йўл юклари транзити соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини ўрганмоқдалар

Дата: 10:44, 24-06-2015.

Тошкент. 24 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Тожикистон темир йўл юклари транзити соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини ўрганмоқдалар. Бу ҳақида Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Рустам Азимов мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг (ҲАК) учинчи мажлиси доирасидаги чиқишида маълум қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Мамлакатларимиз учун транспорт соҳасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли икки мамлакат темир йўл маъмуриятлари Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудлари бўйлаб транзит ташувлари учун пасайтирувчи тариф коэффициентларини қўллаш асосида темир йўл юк ташувларини рағбатлаштириш масалалаларини кўриб чиқишлари зарур”, – деб таъкидлади Р.Азимов.

Эслатиб ўтамизки, куни-кеча Тошкентда савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ўзбек-тожик ҲАК учинчи мажлиси бўлиб ўтди.

2014 йил якунлари бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми $160 млнни, жорий йилнинг январ-апрелида $49,2 млнни ташкил қилди.

Ўзбекистонда тожик капитали иштирокидаги 18 корхоналар фаолият юритмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: