Ўзбекистон ва Тожикистон “Тошкент-Хўжанд-Тошкент” йўналиши бўйича доимий автобус алоқасини йўлга қўйиш ҳақида келишиб олдилар
Тошкент. 15 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Тожикистон “Тошкент-Хўжанд-Тошкент” йўналиши бўйича доимий автобус алоқасини йўлга қўйиш ҳақида келишиб олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Томонлар бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018-йил 9-10-мартда Тожикистон Республикасига давлат ташрифи давомида имзоланган Халқаро автомобил қатновлари тўғрисидаги битимни амалга ошириш мақсадида, 2018-йил 13-май куни халқаро автомобил ташишлари масалалари бўйича ўзбек-тожик ваколатли органларининг Тошкентдаги биринчи йиғилишида келишиб олдилар.
“Ташувчилар сифатида Ўзбекистон томонидан “MANZARA TOURISM” МЧЖ ва Тожикистон томонидан “Холдинг Азия групп Таджикистан” ЁАЖ белгилаб олинди. “MANZARA TOURISM” МЧЖ “Холдинг Азия групп Таджикистан” ЁАЖ билан Тожикистон Республикаси ҳудудида автобусларга ўзаро хизмат кўрсатиш (автобусларнинг техник кўриги, ҳайдовчиларнинг тиббий кўриги, автобусларни қўриқлаш ва ювиш) тўғрисида шартнома тузди”, - дейилади Ўзбек автомобиль транспорти агентлиги матбуот хизматининг хабарида.
Йўналишнинг узунлиги 174 км.ни ва йўлдаги вақт 4 соат 35 дақиқани ташкил этади. Жадвалларда “Ойбек” (Ўзбекистон) ва “Фотехобод” (Тожикистон) масканларида божхона ва чегара назоратидан ўтиш учун 30 дақиқадан ҳам вақт киритилган.
Ташувчилар томонидан йўналиш бўйича йўл ҳақи 50 минг сўм ва тегишли равишда 50 сомоний этиб белгиланган.
“Тошкент-Хўжанд” халқаро автобус йўналишининг очилиши 2018-йил 15-май соат 8:00да “Тошкент” автовокзалида бўлиб ўтади ва мунтазам автобус қатновлари жорий йилнинг 17-май санасидан “Тошкент” автовокзалидан амалга оширила бошлайди. “Хўжанд-Тошкент” йўналиши бўйича автобуслар қатнови “Хўжанд” автовокзалидан амалга оширилади”, - дейилади хабарда.
Мазкур йўналишга хизмат кўрсатишда ўзбек томонидан ташувчи “MANZARA TOURISM” МЧЖ “МАN” (Германия) ва “Higer” русумли (Хитой) автобусларидан, тожик томонидан эса, ташувчи «Холдинг Азия групп Таджикистан» ЁАЖ “МАN” русумли (Германия) автобуслардан фойдаланади.
Сурат манбаи: https://yandex.ru/collections/card/588a6d3bf63aea5c93fbf435/