Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорликнинг турли соҳалари бўйича 20 ҳужжат имзоладилар
Тошкент. 26 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорликнинг турли соҳалари бўйича 20 ҳужжат имзоладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларига доир 20 дан зиёд ҳужжат имзоланди. Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Режеп Таййип Эрдўғон давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини имзоладилар. Шунингдек, савдо, саноат, банк-молия, инвестиция, туризм, юк ташиш, соғлиқни сақлаш, кадрлар тайёрлаш, мудофаа ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар қабул қилинди”, - дейилади Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабарида.
Шундан кейин таъкидланишича, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Режеп Таййип Эрдўғон музокаралар ўзаро англашув ва ҳурмат руҳида ўтганини, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси билан Туркия Республикаси ўртасидаги узоқ истиқболли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда.


