Ўзбекистон ва Туркия бир-биридан манфаатдор

Дата: 10:45, 26-10-2017.

Тошкент. 26 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Туркия бир-биридан манфаатдор, ўзбек-турк ҳамкорлиги эса икки томон учун ҳам манфаатли, деб хабар беради Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати.

“Мамлакатимизнинг бозори, тобора эркинлашаётган иқтисодиёти, қулай инвестициявий муҳити Туркияни қизиқтиради. Ушбу мамлакатнинг ривожланган саноати, транспорт коммуникациялари, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги ва туризм салоҳияти Ўзбекистонга фойда келтиради”, - дейилади хабарда.

2016 йил ноябрда Президент Режеп Таййип Эрдўғоннинг мамлакатимизга ташрифи Туркия Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини намоён этди. Давлат раҳбарлари жорий йил 14 май куни Пекинда ўтган “Бир макон, бир йўл” форуми, 10 сентябр куни Остона шаҳрида бўлган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича саммити доирасида музокаралар ўтказди. Шунингдек, сентябр ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида учрашди.

“Мамлакатларимиз ўртасида турли даражадаги ўзаро ташрифлар фаоллашди. Жорий йилнинг ўзида Туркия Республикаси Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири, миллий мудофаа вазири бошчилигидаги делегациялар Ўзбекистонда, мамлакатимиз Бош вазири ўринбосарлари, мудофаа вазири раҳбарлигидаги делегациялар Туркияда бўлди. Қатор қўшма тадбир ва форумлар ўтказилди. 25 май куни пойтахтимизда бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Туркия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси, 30 сентябр Тошкентда ва 6 октябр кунлари Истанбулда ўтган бизнес-форумларда ҳамкорликнинг кўплаб истиқболли йўналишлари белгилаб олинди”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, Туркия Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидан биридир. 2016 йилда ўзаро савдо ҳажми $1,2 миллиард ташкил этди. Жорий йилнинг 9 ойида товар айирбошлаш ҳажми 29%га ошди. Мамлакатимизда Туркиянинг 500 га яқин фирма ва компанияси фаолият юритмоқда. Шу йилнинг ўзида юртимизда ушбу мамлакат сармояси иштирокида 20 дан ортиқ корхона ташкил этилди, 53 компаниянинг ваколатхоналари аккредитация қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: