Ўзбекистон ва Туркия биргаликда жангариларни аниқлаш, уларни халқаро қидирувга бериш ва қўлга олишга келишиб олдилар
Тошкент. 16 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Туркия биргаликда жангариларни аниқлаш, уларни халқаро қидирувга бериш ва қўлга олишга келишиб олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Хусусан, бу ҳақидаги келишувларга Interpol’нинг Анқарадаги Миллий марказий бюроси раҳбари Лутфи Чичек бошчилигидаги Туркия делегациясининг Ўзбекистон ИИВ Халқаро ҳамкорлик бошқармасига ташрифи доирасида эришилди.
“Учрашувда таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги иқтисодиёт, туризм, бизнес, спорт, фан ва маданият соҳалари каби бугунги кунда дунё миқёсида долзарб муаммо ҳисобланган хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот соҳаларида ҳам дўстона, мустаҳкам алоқалар ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатилган. Халқаро терроризм, диний экстремизм, сепаратизм, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши, одам савдоси каби трансмиллий жиноятчилик кўринишларининг тобора кенгроқ намоён бўлаётганини ҳисобга олиб, Туркия ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларининг биргаликдаги ҳаракатини кучайтириш, ҳамкорликни янада юқори даражага кўтариш зарур”, - дейилади Ўзбекистон ИИВ хабарида.
Шу жиҳатдан асосан Россия, Туркия, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларидан ташкил топган террористик ва экстремистик тўдаларни йўқ қилишга қаратилган ҳукумат қўшинлари, Россия ҲҲК ва каолиция кучларининг ҳарбий ҳаракатлари давом этиб келаётган Сурия ва Ироқ давлатларининг мисоли ўрнаклидир.
“Терррорчилик гуруҳлари томонида туриб жанг қилган ва жанг қилиб келаётганларнинг шахсини аниқлаш, давлат чегарасини кесиб ўтмасларидан аввал уларга нисбатан халқаро қидирув эълон қилиб, қўлга олиш афзалроқдир”, - деб таъкидланади хабарда.
Ўзаро мулоқот давомида ҳамкорликнинг бошқа долзарб масалалари ҳам муҳокама этилиб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.
Сурат манбаи: http://novosti-tchasa.com/ig-ugrozhaet-rossii-teraktami-2090.html