Ўзбекистон ва Туркия президентлари Истамбул ва Самарқанд ўртасида тўғридан-тўғри рейслар очилишини қўллаб-қувватладилар

Дата: 14:26, 02-05-2018.

Тошкент. 2 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Туркия президентлари Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғонлар Истамбул ва Самарқанд ўртасида тўғридан-тўғри рейслар очилишини қўллаб-қувватладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ЎзР ТИВ матбуот хизматига таянган ҳолда.

Қайд этилишича, президентлар ташқи бозорларга энг қисқа ва самарали чиқишни таъминловчи транспорт ва транзит йўлакларини ривожлантириш соҳасида яқин ҳамкорликни чуқурлаштириш мамлакатлар ва минтақалар ўртасидаги халқаро савдони кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

“Давлат раҳбарлари Истанбул ва Самарқанд ўртасида тўғридан-тўғри парвозлар йўлга қўйилганлигини мамнуният билан эътироф этдилар ва фуқаро авиацияси соҳасидаги муносабатларни янада ривожлантириш, мавжуд йўналишлар бўйича мунтазам қатновларни кўпайтириш, шунингдек, янги парвозларни йўлга қўйишга қатъий тайёр эканликларини билдирдилар”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, томонлар икки мамлакат ҳудудлари орқали ўтувчи халқаро транспорт йўлакларининг рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини ошириш мақсадида, ташқи савдо юкларини транзит ташишда тарифларни янада мақбуллаштириш ва преференцал шароитлар яратишга йўналтирилган тизимли ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини яна бир бор тасдиқладилар.

Эслатиб ўтамизки, 29 апрель – 1 май кунлари Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон Ўзбекистонда давлат ташрифи билан бўлди.

Сурат манбаи: http://uznews.uz/ru/article/9605?_utl_t=fb

Янгилик билан ўртоқлашиш: