Ўзбекистон ва Туркия президентлари стратегик ҳамкорликни муҳокама қилдилар

Дата: 10:11, 27-02-2019.

Тошкент. 27 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон телефон орқали мулоқотда стратегик ҳамкорликни муҳокама қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Давлат раҳбарлари Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида мамнуният билан қайд этдилар”, - дейилади ўзбек етакчиси матбуот хизматининг хабарида.

Қайд этилишича, ўзаро савдо ҳажми жадал суръатларда ортмоқда. 2018 йил якунларига кўра товар айирбошлаш 40% ошди. Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида инвестиция ва инновациялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани модернизация қилиш, туризм ва бошқа соҳаларда йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Туркия инвестициялари иштирокида 655 қўшма корхона фаолият юритмоқда, уларнинг 270 таси ўтган йили ташкил этилган.

“Маданий-гуманитар алмашув кенгайиб бормоқда, туризм соҳасида ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Кейинги бир йилда мамлакатимизга ташриф буюрган туркиялик сайёҳлар сони 2 баробар кўпайди”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда олий даражада эришилган келишувларни тўлиқ амалга ошириш муҳимлигини қайд этдилар.

“Мулоқот сўнггида Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлик яна бир бор таъкидланди”, - деб хулоса қилинади хабарга.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: