Ўзбекистон ва Туркия президентлари телефон орқали нималарни гаплашди

Дата: 08:47, 12-08-2019.

Тошкент. 12 август. ЎзТАГ - 11 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия президентлари Режеп Таййип Эрдўғоннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркиянинг қардош халқларини муборак Қурбон ҳайити байрами билан табриклаб, самимий тилаклар алмашдилар. Президентлар стратегик шериклик тамойилларига асосланган мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч муносабатлари сўнгги йилларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар", - дейилади ўзбек раҳбарининг матбуот хизмати хабарида.

Суҳбат чоғида Ташқи ишлар вазирлари раислигида Стратегик режалаштириш гуруҳининг биринчи мажлиси натижалари, шунингдек, Ўзбекистон делегациясининг 2019 йил 5-6 август кунлари Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Туркия элчиларининг XI конференциясида фахрий меҳмон сифатида иштирок этиши баҳоланди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия президентлари раислигида ўтказиладиган олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи мажлисига тайёргарлик кўриш муҳимлиги қайд этилди.

Томонлар имзоланган битим ва лойиҳаларни, эришилган ўзаро манфаатли келишувларни тўла-тўкис амалга ошириш, икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқладилар.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди, бўлажак икки томонлама тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.

 

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: