Ўзбекистон ва Туркия президентлари телефонда мулоқот қилдилар
Тошкент. 18 июн. ЎзТАГ – 16 июн куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
“Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари бутун мусулмон дунёси учун шодлик ва шукроналик, хайр-саховат айёми бўлган қутлуғ Рамазон ҳайити муносабати билан ўзаро табрик алмашдилар”, - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Туркия президенти ушбу муборак кунларда Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси маркази қурилишига тамал тоши қўйилганини юқори баҳолади ва ушбу марказ маърифий исломни ривожлантириш ҳамда буюк аждодларимизнинг бой меросини дунё ҳамжамиятига етказишда катта хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
“Томонлар олий даражадаги мунтазам учрашувлар ва мулоқотлар яхши анъанага айланиб бораётганини, икки мамлакат ўртасида абадий дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари кун сайин мустаҳкамланаётганини мамнуният билан таъкидладилар”, - дейилади хабарда.
Шу йилнинг 29 апрел – 1 май кунлари Туркия Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига амалга оширган илк тарихий давлат ташрифи доирасидаги самарали учрашув ва музокаралар, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг кенг йўналишлари бўйича эришилган аниқ келишувлар, имзоланган муҳим шартнома ва битимлар мамлакатларимиз ва халқларимизнинг равнақи ҳамда фаровонлигига хизмат қилиши чуқур мамнуният билан қайд этилди.
Шундан сўнг маълум қилинишича, мулоқот давомида икки давлат раҳбарлари савдо, инвестиция, банк-молия, транспорт, туризм, инфратузилма ва бошқа муҳим соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Шунингдек, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар бўйича фикр алмашилди.
“Мулоқот сўнггида давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги азалий дўстлик, қардошлик ва бир-бирига ҳурмат тамойилларига асосланган муносабатларни ҳамда қўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканларини яна бир бор тасдиқладилар”, - деб хулос қилинади хабарда.
Сурат манбаи: https://www.gazeta.uz/ru/2018/06/16/talk/