Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги йиллик товар айланмаси $1,5 млрд. атрофида

Дата: 10:25, 03-11-2014.

Тошкент. 3 ноябр. ЎзТАГ – Бугунга келиб Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги йиллик товар айланмаси $1,5 млрд. атрофидани, турк компаниялари томонидан Ўзбекистонга киритилган инвестициялар ҳажми $1 млрддан ошиқни, тузилган шартномалар ҳажми эса $2 млрдни ташкил қилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар яқинда Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Номиқ Гунер Эрпул томонидан Тошкентда турк миллий байрами – Республикага асос солинган кунга бағишланган кечада эълон қилинди.

Элчи Туркия Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 16 декабрда биринчи бўлиб тан олганлигини, 1992 йил 4 мартда мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлиги ва Тошкентда Туркиянинг илк дипломатик ваколатхоаси очилганлигини эслатиб ўтди. 1996 йилда эса икки мамлакат ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик ҳақида шартнома имзоланди.

“Бой тарих ва давлатчилик анъаналари, 30 млндан ошиқ ёш ва навқирон аҳолига эга бўлган Ўзбекистон Осиё юрагида муҳим геостратегик ўринни эгаллайди. Катта табиий ресурслар ва ҳосилдор ерлари бўлган ушбу мамлакат ҳудуд ва ундан ташқарида ҳам муҳим рол ўйнашга қодир”, - деди Туркия элчиси.

Янгилик билан ўртоқлашиш: