Ўзбекистон ва Туркия Стратегик шериклик бўйича олий кенгаши тузиш ҳақида келишиб олдилар

Дата: 14:22, 01-05-2018.

Тошкент. 1 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Туркия икки давлат раҳбарлари раислигида Стратегик шериклик бўйича олий кенгаши тузиш ҳақида келишиб олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ЎзР президентининг матбуот хизматига асосланган ҳолда.

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ўтган брифингда маълум қилди.

“Музокаралар халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик анъаналарига мос ҳолда, очиқ, сермазмун ва самарали бўлди. Ҳамкорлигимизнинг бугунги ҳолати холисона баҳоланиб, унинг устувор йўналишлари ва истиқболдаги вазифалари аниқ белгилаб олинди. Икки давлат раҳбарлари раислигида Стратегик шериклик олий кенгаши тузиш бўйича келишувга эришилди”, - деб иқтибос келтиради Ш. Мирзиёевдан унинг матбуот хизмати.

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича томонларнинг ёндашувлари ўхшаш ва муштарак экани таъкидланди.

Ўз навбатида, Режеп Таййип Эрдоған музокаралар ўзаро англашув, манфаатдорлик ва ишонч асосида ўтганини, Туркия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб, стратегик даражага кўтарилганини таъкидлади. Кўлами ва аҳамияти катта бўлган келишувларга эришилганидан, эртага Бухородаги муборак қадамжоларни зиёрат қилажагидан бахтиёр эканини билдирди.

Эслатиб ўтамизки, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған 29 апрель - 1 май кунлари Ўзбекистонда давлат ташрифи билан бўлади.

Сурат манбаи: http://religions.uz/cyrl/news/index?category_id=1&page=14

Янгилик билан ўртоқлашиш: