Ўзбекистон ва Туркия товар айирбошлаш ҳажмини $5 млрдга етказиш ниятидалар

Дата: 12:10, 01-05-2018.

Тошкент. 1 май. ЎзТАГ – Яқин йилларда Ўзбекистон ва Туркия товар айирбошлаш ҳажмини $5 млрдга етказиш ниятидалар. Бу ҳақида 30 апрел куни икки мамлакат президентларининг кенгайтирилган тартибдаги музокараларида сўз борди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Музокралар Туркия президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтмоқда.

“Музокарада яқин йилларда савдо айланмасини $5 млрдга етказиш учун барча имконият мавжудлиги таъкидланди. Томонлар ҳамкорлик учун истиқболли тармоқлар ва лойиҳаларни илгари сурди”, - дейилади Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабарида. 

2017 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30%га ортди ва $1,5 млрдни ташкил қилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич яна 20%га ўсди.

Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар қилишларича, мамлакат Туркия бозорига енгил саноат, кимё, металлургия, машинасозлик, электротехника, чарм-пойабзал ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилишни кенгайтиришга тайёр. Бу борада Истанбул шаҳрида таъсис этилган Ўзбек – Турк савдо уйи имкониятларидан кенг фойдаланиш мумкин.

Транспорт коммуникациялари ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Баку – Тбилиси – Карс темир йўли савдо алоқалари учун улкан имкониятлар яратиши қайд этилди. Шу жиҳатдан транзит тарифларини янада мақбуллаштириш муҳимлиги таъкидланди. 

Музокарада инвестициявий ва молиявий-техник ҳамкорликни мустаҳкамлаш, туризм, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Сурат манбаи: http://www.uzdaily.uz/articles-id-37258.htm

Янгилик билан ўртоқлашиш: