Ўзбекистон ва Туркманистон демаркация ишларини фаоллаштиришга келишиб олдилар
Тошкент. 7 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Туркманистон 2018 йилда демаркация ишларини фаоллаштириш, йиғилишлар ва дала ишларини интенсивлаштиришга келишиб олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бунга доир келишувга 1-6-декабр кунлари Тошҳовуз шаҳрида (Туркманистон) Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро қўшма комиссия ишчи гуруҳларининг учрашувида эришилди.
“Музокаралар давомида 2017-йилда олиб борилган дала ишларининг натижалари сарҳисоб қилинди. Учрашувлар чоғида демаркация ишини жадаллаштириш, келгуси йилда йиғилишларнинг ва дала ишларни интенсивлаштиришга келишиб олинди. Учрашув якунига кўра Баённома имзоланди”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Музокаралар анъанавий дўстлик ва ўзаро англашув муҳитида ўтди.


