Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари минтақада йирик инфраструктура лойиҳаларини амалга оширишни муҳокама қилдилар
Тошкент. 14 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедовлар минтақада йирик инфраструктура лойиҳаларини амалга оширишни муҳокама қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Хусусан, улар бу ҳақида 13 ноябр бўлиб ўтган телефон мулоқотида гаплашдилар.
“Суҳбатда давлат раҳбарлари кенг кўламли икки томонлама ҳамкорликнинг ҳолати ва уни олий даражада эришилган келишувлар доирасида ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларининг мунтазам учрашув ва мулоқотлари икки томонлама дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун ишончли пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани катта мамнуният билан қайд этилди”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.
Президентлар ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, саноат, энергетика ва қишлоқ хўжалигида кооперацияни кучайтириш, самарали транспорт йўлакларини шакллантириш, ҳудудлараро ва гуманитар алмашувни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
“Томонлар ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишлари, жумладан, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергетик салоҳиятни самарали ривожлантириш борасидаги ёндашув ва позициялари муштарак эканини қайд этдилар. Икки ва кўп томонлама кенг кўламли ҳамкорликни давом эттириш, шунингдек, халқаро майдонда ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлаш ва минтақада йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди”, - дейилади хабарда.
Давлат раҳбарлари қардош Ўзбекистон ва Туркманистон халқларининг фаровонлиги йўлида кўп асрлик дўстлик, яхши қўшнилик ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган кўп қиррали муносабатларни изчил кенгайтириш ва мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини яна бир бор тасдиқладилар.
Сурат манбаи: http://uza.uz/ru/politics/uzbekistan-turkmenistan-ukreplyayutsya-bratskie-uzy-vysokie--22-05-2017