Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарлари МДҲнинг Бишкекдаги саммитига боришмайди

Дата: 18:36, 14-09-2016.

Тошкент. 14 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг янги раҳбари Шавкат Мирзиёев МДҲнинг Бишкекдаги саммитига бормайди, деб хабар беради Қирғиз телеграф агентлиги (КирТАГ).

“Ўзбекистондан ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов қатнашади. Бугун биз Шавкат Мирзиеёвдан жуда илиқ мактуб олдик. Бу Ўзбекистоннинг маълум ички ишлари, сайловлар билан боғлиқ. Бу умуман икки томонлама муносабатларга боғлиқ эмас”, - деди матбуот анжуманида Қирғизистон президенти девонининг ташқи сиёсат бўлими мудири Сапар Исаков.

Туркманистон президенти ҳам саммитда қатнаша олмайди. Исаков 12 сентябрда туркман томони ташаббуси билан президент Гурбангули Бердимуҳамедов ва Алмазбек Атамбоев ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтганини маълум қилди.

“16 сентябрда уларда Конституцион ислоҳот билан боғлиқ тадбирлар бўлиб ўтиши кутилмоқда. Буни тушунса бўлади”, - деб таъкидлади Исаков.

Маълумки, 16 сентябрда Бишкекда МДҲ давлатлари саммити бўлиб ўтади. Унинг якунлари бўйича қатор хужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Ташкилий характердаги қатор қарорлар, жумладан, 2017 йилда Россиянин МДҲда раислиги масаласида ҳам қарор қабул қилиниши режалаштирилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: