Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги 2018-2020-йилларда иқтисодий ҳамкорликка доир шартнома кучга кирди

Дата: 13:30, 18-07-2017.

Тошкент. 18 июл. ЎзТАГ – 17 июлда Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасидаги 2018-2020 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома кучга кирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур  шартнома Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга давлат ташрифи чоғида 2017 йил 6 мартда Ашхобод шаҳрида имзоланган.

“Шартнома қоидаларига кўра, томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришади. Бунга жумладан савдо айланмасини ошириш ҳамда маҳсулотларни (хизматларни) ўзаро етказиб беришнинг ҳажм ва навларини кўпайтириш учун қулай шароитлар яратиш, шунингдек икки давлат бизнес-структуралари вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш йўли орқали эришиш мўлжалланган”, - дейилади хабарда.

Шартнома билан иқтисодий ҳамкорликнинг турли соҳаларида 35та тадбирни амалга оширишни кўзда тутувчи Дастур ҳам тасдиқланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: