Ўзбекистон ва Украина тўғридан тўғри авиаалоқаларни тиклаш бўйича музокараларни давом эттирмоқдалар
Тошкент. 2 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Украина Киев ҳамда Тошкент орасида тўғридан тўғри авиаалоқаларни тиклаш бўйича музокараларни давом эттирмоқдалар, деб хабар берди Sputnik Ўзбекистон нашрига украин дипмиссияси раҳбари Юрий Савченко.
Унинг сўзларига кўра, бу масала ўтган йилнинг декабр ойида икки давлат раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган телефон мулоқоти давомида кўтарилган. Натижада барча тегишли давлат тузилмаларига барча икир-чикирларни ишлаб чиқиш топшириғи берилган. Ўзбекистонга яқинда Украина давлат авиахизмати делегацияси ҳамда “Украина халқаро авиалиниялари” вакиллари ташриф буюрган. Улар Ўзбекистоннинг тегишли давлат хизматлари ва “Ўзбекистон Ҳаво йўллари” авиакомпанияси вакиллари билан учрашганлар.
“Учрашув якунларини яримижобий деб аташ мумкин: иккала авиакомпания ҳам икки давлат пойтахтлари ўртасида авиапарвозларни қайта тиклашга тайёр эканликлари ва бу зарурлигини қайд этишди, аммо бу ерда рейслар частотаси муаммо бўлиб турибди”, - деди украиналик дипломат.
Ўзбек томони яқин орада Украинага авиаташувларни йўлга қўйишга тайёр. Парвозлар частотаси ҳозирча ҳафтасига бир кунни ташкил этилиши Тошкентга маъқул келмоқда. Кейинчалик молия натижаларидан келиб чиқиб рейслар сони кўпайтирилиши мумкин.
Иккинчи томондан эса, украин авиакомпанияси ҳафтасига икки марта рейсларни амалга оширишга тайёр, чунки фақат шундагина бу парвозлар иқтисодий томондан фойда келтириб, ўзини оқлаши мумкин.
“Боз устига, “Украина халқаро авиалиниялари” ҳафтасига яна икки-учта қўшимча рейсларни очишга ва Самарқанд, ҳамда Фарғона водийсига парвозларни амалга оширишга ҳам тайёр. Аммо ўзбек авиалиниялари ўзининг тўридан-тўғри рейсларида йўловчилар камайиб кетишидан ҳавотир олмоқда. Қисқаси, томонлар рейсларни очиш керак, деган тўхтамга келганлар, аммо барча шартлар хусусида март ойида бўлиб ўтадиган учрашувда келишиб олиш режалаштирилмоқда. Умид қиламанки, келаётган ёз мавсумида бу йўналишда бирор натижага эришамиз”, - деди Юрий Савченко.