Ўзбекистон ва Япония Токиода бизнес-форум якунлари бўйича қатор битим ва шартномалар имзоладилар

Дата: 17:31, 17-12-2019.

Тошкент. 17 декабрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Япония Токиодаги бизнес-форум якунлари бўйича қатор битим ва шартномалар имзоладилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги маълумотларига кўра, 16 декабрь куни Токиода Ўзбекистон томонидан вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарлари ҳамда Япония ишбилармон доиралари вакиллари – йирик холдинглар, молия ташкилотлари ва кўп тармоқли саноат корпорациялари раҳбарлари иштирокида ўзбек-япон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Ҳаммаси бўлиб тадбирда 500 дан ортиқ япон компаниялари ва ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

"Форум якунида қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Шундай қилиб, вазирлик ва Япония иқтисодиёт, Савдо ва саноат вазирлиги савдо сиёсати бюроси ўртасида идоралараро даражада иқтисодий ва саноат ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Шунингдек, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Япония иқтисодиёт ва энергетика институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилади – биргаликда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури ва Ўзбекистонни ривожлантириш бош режаси ишлаб чиқилади", - дейилади хабарда.

Шунингдек, Навоий вилоятида Япония нефт, газ ва металлар миллий корпорацияси (JOGMEC) иштирокида геологик изланишлар олиб борилади, Япония тиббий асбоб-ускуналар соҳасида ташқи техник ёрдам кўрсатиш ташкилоти (ОМЕТА) Тошкентда япон-ўзбек тиббиёт ахборот марказини ташкил этишни режалаштирмоқда. Япония Isuzu Motors ва Itochu Corporation компаниясининг "Ўзавтосаноат" АЖ билан ҳамкорлиги ҳисобига автомобилсозлик соҳасига йирик инвестициялар жалб этилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон тижорат банклари MUFG Bank ва Sumitomo Mitsui Banking билан кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун қўшимча инвестицияларни жалб қилиш бўйича қатор ҳужжатларни имзоладилар.

"Форумнинг ялпи ва шўъба мажлислари якунлари бўйича энергетика, тоғ-кон ва кимё тармоқлари, автомобилсозлик, машинасозлик, енгил саноат, мева-сабзавотчилик, фармацевтика, соғлиқни сақлаш ва инфратузилма қурилиши соҳаларида инвестиция битимлари ва савдо шартномалари имзоланди", - деб қайд этилади хабарда.

Сурат манбаи: mift.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: