Ўзбекистон ва Япония уран етказиб бериш бўйича янги шартномалар тузишни режалаштирмоқда

Дата: 16:33, 04-10-2019.

Тошкент. 4 октябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Япония уран етказиб бериш бўйича янги шартномалар тузишни режалаштирмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Япониянинг Mitsubishi Corporation, Marubeni Corporation ва Itochu Corporation компаниялари билан учрашувлар ўтказди.

"Ҳамкорлар билан Ўзбекистондан Японияга табиий уран етказиб бериш бўйича янги шартномалар тузиш учун ўзаро мақсадлар келишиб олинди", - дейилади хабарда.

Шунингдек, Mitsubishi билан ташриф доирасида Япониянинг илғор технологиялари асосида иссиқхона комплексларини ташкил этиш, Ўзбекистонда синтетик толалар ва катронлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш ва нефт-газ соҳасида қатор лойиҳаларни амалга оширишда компаниянинг иштироки истиқболлари муҳокама қилинди.

Marubeni билан Ўзбекистонда металлургия, нефт-газ ва кимё саноати соҳасида йирик лойиҳаларда иштирок этиш, шунингдек, Япония ҳукумати ва инвесторлари маблағларини жалб қилган ҳолда қишлоқ хўжалиги ва маиший техника воситаларини транспортда қуриш ва ишлаб чиқариш орқали фаолиятни фаоллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Itochu билан ички бозорнинг эҳтиёжларини қондириш ва учинчи мамлакатлар бозорларига экспорт қилиш мақсадида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва бутловчи қисмлар ва эҳтиёт қисмларни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш орқали Ўзбекистон бозорида иштирокини мустаҳкамлаш механизмлари ишлаб чиқилди. Шунингдек, компания автомобил маҳсулотларининг янги сегментларини ўзлаштириш ва уларнинг фаолиятини диверсификация қилиш, тўқимачилик, кимё, қазиб олиш ва озиқ-овқат саноатини қамраб олиш бўйича таклифни қизиқиш билан қабул қилди. Уран, рух, қўрғошин қазиб олиш, шунингдек, уран ва нодир металлар қазиб олиш мақсадида Ўзбекистон кон-металлургия корхоналарининг чуқур қайта ишлаш лойиҳаларида компаниянинг иштироки масаласи алоҳида муҳокама қилинди.

Сурат манбаи: mift.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: