Ўзбекистон ва Япония ўзбек-япон муносабатлари истиқболларини муҳокама қилдилар
Тошкент. 7 апрел. ЎзТАГ – Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Япония ташқи ишлар вазирининг парламентдаги ўринбосари Мики Ямадани қабул қилди, деб хабар беради Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.
Матбуот хизматининг маълумотларига кўра, М.Ямада мамлакатга ҳукуматда, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида музокаралар олиб бориш учун ташриф буюрган.
“ТИВдаги музокаралар чоғида Ўзбекистон-Япония муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг таклифига биноан Япония Бош вазири Ш.Абенинг 2015-йил октябр ойида Ўзбекистонга расмий ташрифи ва олий даражадаги музокаралар икки давлат ўртасидаги стратегик шерикчиликка янги суръат бергани таъкидланди”, - дейилади хабарда.
Бундан ташқари, учрашувда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамда “Марказий Осиё + Япония” Мулоқоти доирасида ўзаро алоқаларни қамраб олган кенг кўламли икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, музокараларда Япония Элчиси Фумиҳико Като иштирок этди.


