Ўзбекистон ва Жаҳон банки уч йўналиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқда

Дата: 16:33, 27-02-2019.

Тошкент. 27 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Жаҳон банки (ЖБ) учта йўналиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Сирил Мюллер 26-28 феврал кунлари Ўзбекистонда бўлади.

“Ўзбекистоннинг савдо ва экспорт салоҳиятини янада кенгайтиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида Жаҳон банки уч йўналиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқда: “Ўзбекистон – Жаҳон банки – Халқаро меҳнат ташкилоти” шаклидаги мулоқотни кучайтириш, бандликни таъминлаш ва меҳнатга қулай шароитлар яратиш, гендер тенглик, инфратузилмавий ривожланиш, энергия самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш”, - дейилади республика Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизматининг хабарида.

Ташриф дастуридан, шунингдек, ҳукумат ва Ўзбекистон Олий Мажлиси аъзолари билан музокаралар олиб бориш ҳам ўри олган. С. Мюллер Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида талабалар ва ўқитувчилари олдида чиқиш қилади, шунингдек, ташрифи натижалари бўйича ОАВ учун брифинг ўтказади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги портфели таркибига $4,4 млрд миқдоридаги имтиёзли молиялашни жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган 39 та лойиҳалар киради. 2020 йилгача бўлган ҳамкорлик стратегиясининг бир қисми сифатида 20 дан ортиқ истиқболли янги ташаббуслар кўриб чиқилмоқда. Банк Ўзбекистонга фаол маслаҳат ёрдами кўрсатмоқда, хусусан, унинг экспертлари Солиқ тизимини ислоҳ қилиш контсепциясини ишлаб чиқишда иштирок этдилар.

Сурат манбаи: lemonde.fr

Янгилик билан ўртоқлашиш: