Ўзбекистон ва Жазоир ташқи сиёсий муассасалари ўртасида ҳамкорлик ва маслаҳатлашувларга доир хужжат имзоладилар

Дата: 17:50, 20-10-2016.

Тошкент. 20 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида иштирок этиш учун Тошкент шаҳрига келган Жазоир Халқ Демократик Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Бош котиби Ҳасан Рабеҳи билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

“Ҳасан Рабеҳи ИҲТ ТИВК 43-сессиясининг самарали якунлангани билан Ўзбекистон томонини табриклади ва ташкилотга аъзо давлатлар учун муҳим бўлган “Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик йўли” шиори остидаги раисликни муваффақиятли ўтказишни тилади”, - дейилади вазирлик хабарида.

Таъкидланишича, суҳбат чоғида икки ва кўп томонлама шакллардаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

“Мулоқот давомида муносабатларни сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда изчил ривожлантиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканлиги таъкидланди, зеро Ўзбекистон-Жазоир алоқаларининг мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий асосини яратиш ва турли даражалардаги алоқаларни фаоллаштириш ўзаро ҳамкорликнинг муҳим босқичи сифатида хизмат қилади”, - дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.

ТИВдаги учрашув якунларига кўра Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Жазоир Халқ Демократик Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида ҳамкорлик ва маслаҳатлашувлар тўғрисида протокол имзоланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: