Ўзбекистон вакиллари боулинг бўйича Almaty Open-2015 турнири ғолиби бўлдилар
Тошкент. 29 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон вакиллари боулинг бўйича Алматида ўтказилган нуфузли Almaty Open-2015 халқаро турнирида биринчи икки ўринни эгалладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Бекзод Тўхтаниёзов олтин медални қўлга киритган бўлса, Бахтиёр Далабаев “кумуш” медалини олди. Бу Тўхтаниёзов фаолиятидаги халқаро мусобақадаги илк ғалаба. Далабаев Bishkek Open турнирида ғолиб чиққан эди”, - деб хабар қилади Ўзбекистон Кегелли спорт федерацияси матбуот хизмати.
Биринчи ўрин соҳиби биринчи ва иккинчи кунлари йўлакчаларга мослашгани ва фақат учинчи куни ўйини қовушгани ҳақида сўзлаб берди.
“Якунловчи кундан олдин малакада иккинчи позицияга ўтишга эришдим. Агар финалда Бахтиёр Далабаев ўрнида Қозоғистон ёки Россиялик бошқа боулер бўлганида, психологик жиҳатдан менга ўйнаш жуда қийин бўлар эди. Натижа ҳам ўзгача бўлиши мумкин эди”, - деди Б.Тухтаниёзов.
Б.Далабаев эса “Қозоғистон боулинг бўйича халқаро мусобақалар ўтказишда катта тажрибага эга”лигини таъкидлаб ўтди.
“Бу ерда рақобат жуда кучли, охирги ташрифдан буён янги боулерлар ҳам пайдо бўлган”, - деб қўшимча қилди кумуш медал соҳиби.


