Ўзбекистон вакиллари Осиёнинг энг яхши боксчи ва тренери деб топилди
Тошкент. 17 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон вакиллари Бектемир Мелиқўзиев ва Рустам Саидовлар Осиёнинг Бокс конфедерациясининг (ASBC) қарори билан қитъанинг энг яхши боксчи ва тренери деб топилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Бокс Федерациясидан хабар қилишларича, тегишли йўналишларда ғолибликка Ўзбекистон вакиллари “Best of the Asians” конкурси доирасида эришдилар. ASBC 2012 йилдан бери турли тоифаларда энг яхшиларни мукофотлаб келади. Жорий йилда 15 номинацияда ғолиблар аниқланди.
“Осиёнинг энг яхши боксчиси” деб топилган Бектемир Мелиқўзиев жорий йилда Ўзбекистон термаси сафига киритилган эди. Бундан олдин 2014 йилда эса у бокс бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ва жаҳон чемпионатида олтин медални, Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўказилган II ўсмирлар Олимпиадасида ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган эди.
19 ёшли ўзбек боксчиси илк олтин медалини Болгарияда ўтказилган анъанавий “Странжа” халқаро турнирида киритган. Бангкокдаги Осиё чемпионатида Мелиқўзиев қозоғистонлик собиқ жаҳон чемпиони Жанибек Алимханулини енгди ва олтин медални қўлга киритди. Қатарда бўлиб ўтган 2015 йилги жаҳон чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлиб, Рио-де-Жанейрода бўладиган 2016 йилги XXXI ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.
Энг яхши мураббий деб топилган Рустам Саидов 1999 йилда ўтказилган Осиё чемпионатининг олтин медали ва 2000 йилги Сидней (Австралия) Олимпиадасида эса бронза медал билан тақдирланган.
Ҳозирда у Ўзбекистон терма жамоанинг бокс бўйича етакчи тренери ҳисобланади. Унинг мураббийлигида Ўзбекистон терма жамоаси 2015 йилни мувафақиятли ўтказди, Осиё чемпионатида 9та медал олди (улардан 2 олтин). Қатардаги жаҳон чемпионатида эса 6та – учта кумуш ва учта бронза медалларни қўлга киритди. Шунингдек, Рио-де-Жанейро 2016 Олимпиадасига тўртта лицензияга эга бўлди.