Ўзбекистон вакиллари ШҲТ Хавфсизлик кенгаши котибларининг Москвадаги учрашувида қатнашади

Дата: 14:37, 06-04-2015.

Тошкент. 6 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон вакиллари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Хавфсизлик кенгаши котибларининг Москвадаги учрашувида қатнашади. Ушбу учрашув 14 апрелда бўлиб ўтади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга доир маълумот РИА Новостига РФ Хавфсизлик кенгаши девони матбуот хизматида маълум қилинди.

Учрашувда “ШҲТ майдонида ташкилотга аъзо давлатларга қўшни ҳудудлардаги ўзгарувчан вазиятни ҳисобга олган ҳолда хавфсизликни таъминлаш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилмоқда”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, матбуот хизмати котибларнинг ўнинчи учрашувида ШҲТ аъзо давлатлардан ташқари кузатувчи мақомидаги давлатлар (Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Монголия, Покистон) ҳам қатнашишини ҳам маълум қилди.

Эслатиб ўтамизки, ШҲТ доимий амал қилувчи ҳукуматлараро халқаро ташкилот бўлиб, у 2001 йил 15 июнда Шанхайда (ХХР) Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси томонидан ташкил қилинган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: