Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси фаолияти ислоҳ қилиниши мумкин
Тошкент. 11 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси фаолияти ислоҳ қилиниши мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш, уни чинакам ижро ҳокимиятининг олий органига айлантириш вақти келди”, - деб ҳисоблайди мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев.
Бу фикр давлат раҳбари томонидан Конституция кунига бағишланган тантанали мажлисдаги нутқида айтилди.
У кейинги икки йилда йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этишга қаратилган 90 та қонун ҳамда 2 мингдан зиёд фармон ва қарорлар қабул қилинганини таъкидлади. Аммо қабул қилинган қонун ҳужжатларида белгиланган 13 мингдан ортиқ топшириқларнинг 20%и муддатида ижро қилинмаган.
“Бу Вазирлар Маҳкамаси, қатор давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари раҳбарлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг (маъмуриятлар - ЎзТАГ) ишга масъулиятсиз ёндашаётганидан далолат бермоқда”, - деб қўшимча қилди президент.
Ш. Мирзиёев марказда ва жойларда ортиқча мажлисларни кескин камайтириб, кўпроқ амалий ишлар ва аниқ натижа билан шуғулланиш кераклигини таъкидлаб ўтди ҳамда чуқур ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳеч қайси мамлакатда осонликча амалга оширилмаганлигини қайд этди.
Сурат манбаи: https://www.ozodlik.org