Ўзбекистон винолари “London Wine Fair 2018”да тақдим этилди

Дата: 17:31, 31-05-2018.

Тошкент. 31 май. ЎзТАГ – “Ўзшаробсаноат” холдинг компанияси Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси кўмагида ўз вино маҳсулотларини 38-анъанавий “London Wine Fair 2018” кўргазмасида тақдим этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ХКдан хабар қилишларича, кўргазма шароб саноати бўйича Буюк Британиядаги энг йирик кўргазма-савдо тадбиридир. Ўзбекистон “Тошкентвино комбинати” ОАЖ, “Шампан винолари заводи“ АЖ, ”Камҳар“ МЧЖ, “Афсар” ҚК ва Қашқадарё вилоятидаги “Шаҳрисабз шароб” ОАЖ каби ишлаб чиқарувчиларнинг қуруқ ярим қуруқ, ярим ширин, ширин ва кўпикли шароб маҳсулотлари, кенг турдаги алкоголли ичимликлар линиясини тақдим этди.

Ўзбекистон стенди анъанавий миллий услубда меъморий, кулолчилик, мато ва ёғоч ўймакорлиги элементларидан фойдаланган ҳолда безатилди. Стендда 1867 йилдан бошланган Ўзбекистон узумчилик тарихи ҳақида видеоролик намойиш этилди.

Кўргазма якунлари бўйича Буюк Британиянинг бир неча тарқатиш компаниялари билан “Ўзшаробсаноат” шаробларини Британия бозорига етказиб бериш масаласини ишлаб чиқиш бўйича дастлабки ҳамкорлик келишувига эришилди.

Буюк Британия дунёдаги энг йирик вино импортчиларидан биридир.

Кўргазмада дунёнинг 40 мамлакатидан келган бир неча юзлаб шароб маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар, шу жумладан, Франция, Испания, Италия, Чили, Аргентина, Австралия ва бошқа мамлакатлар ишлаб чиқарувчилари иштирок этдилар. Жами вино маҳсулотларининг 1400 зиёд турлари тақдим қилинди. Кўргазмада 11 минг киши – виночилик саноати профессионаллари, экспертлар, сомельелар, импортчи ва дистрибьюторлар қатнашдилар.

Сурат манбаи: http://tema-travel.ru/post.php?fname=2011_smkd3

Янгилик билан ўртоқлашиш: