Ўзбекистон Йўл ҳаракати қоидаларига 15 қўшимчалар киритилди

Дата: 11:18, 12-01-2016.

Тошкент. 12 январ. ЎзТАГ – 2016 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистонда Йўл ҳаракати қоидаларининг янги таҳрири кучга киради. Унга 15 қўшимчалар ва қатор ўзгартишлар киритилган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Эндиликда ЙҲҚ янги “Фото ва видеофиксация” ахборот-кўрсаткич белгиси пайдо бўлди. Ушбу янгиликнинг долзарблиги Тошкентда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича компьютерлашган тизим ишга туширилиши билан боғлиқ. Биз қоидабузарликлар билан ҳаракат иштирокчиларини жазолаш йўли билан эмас, балки улардан огоҳ этган ҳолда, қоидаларга амал қилишга чақириб курашамиз”, – деб таъкидлади ЎзТАГ мухбирига ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармасининг катта инспектори Мансур Рихсиев.

Унинг сўзларига кўра, энди ҳайдовчи ҳаракатни бошлашдан олдин йўловчиларни транспорт воситаси ҳаракати вақтида тана қисмларини (қўллардан ташқари) салондан ташқарига чиқармасликлари ҳақида огоҳлантириши зарур. Бундан ташқари, у йўловчиларга хавфсизлик камарларини тақиш ҳақида эслатиши зарур.

Автомобиль эгалари хавфсизлигини таъминлаш учун яна бир янгилик жорий этилди.

”Кўпинча автомобиллар қоронғу вақтларида, айниқса, ёритилмаган жойларда транспорт воситаси бирор-бир сабаб билан, масалан носозлик туфайли ишдан чиқади. Ҳайдовчи машинасини таъмирлаш учун ташқарига чиқади. Шу вақтда йўлдан ўтаётган транспорт воситалари таъмирлаш ишлари билан банд бўлган ҳайдовчини кўрмай қолиши мумкин. Бу ҳолат қоронғи ёки ёғингарчилик туфайли юзага келади. Шундай ҳолатларда йўл-транспорт ҳодисасини келтириб чиқариши мумкин”, – дейди Рихсиев.

Мана шуларни эътиборга олган ҳолда янги қоидаларда тунгги вақтларда ҳайдовчиларга нур қайтарувчи махсус нимчаларни кийиб олиш мажбурияти юклатилди. Эндиликда ҳар бир транспорт воситасида тиббиёт қутичаси, ўт ўчиргич, мажбурий тўхтаганни билдирувчи белги билан биргаликда нур қайтарувчи махсус нимчалар ҳам бўлиши шарт.

Янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларида ҳаракат тезлигини тартибга солувчи муҳим ўрин ҳам бор. Турар жой мавзеларининг ичкарисида аҳоли ҳавфсизлигини таъминлаш учун транспорт воситаси тезлиги 30 км/с. ошмаслиги зарур.

Айни пайтда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоят ва Тошкент ҳокимиятлари баъзи автомобил йўлларида, агар йўл шароитлари катта тезликда хавфсиз ҳаракатланишни таъминласа, баъзи транспорт воситалари учун ҳаракат тезлиги даражасини оширишга ҳақлилар.

Янги Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, эндиликда кундуз кунлари яқин атрофни ёритувчи чироқлар қуйидаги ҳолатларда ёқилган бўлиши мумкин: ташкиллашган транспорт колоннаси билан ҳаракатланганда; йўловчиларни ташиётган автобус ва маршрутли транспорт воситаларида; болалар гуруҳини ташкилий равишда ташиш пайтида; ҳавфли, йирик ва оғир юкларни ташиш пайтида; механик транспорт воситаларини тортиб кетишда (тортиб кетилаётган транспорт воситасида); мотоцикл ва мопедларда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: