Ўзбекистон йўлларининг электрон базасига олис поселка, қишлоқ ва овуллар йўллари киритилади

Дата: 16:13, 25-04-2017.

Тошкент. 25 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда мавжуд хўжаликлараро қишлоқ  автомобиль йўллари, шаҳар кўчалари, шаҳар поселкалари, қишлоқ ва овуллар йўлларининг электрон базаси ташкил этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу мақсадда улар босқичма босқич инвентаризация ва паспортлаштиришдан ўтказилади. Бу ҳақида 24 апрелда Ўзбекистон Республикаси Автомобил йўллари давлат қўмитаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида сўз кетди.

2017-2018 йилларда 5454 километр, жумладан, 2017 йилда – 2700 километр, 2018 йилда – 2754 километр хўжаликлараро қишлоқ автомобил йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқ ва овулларнинг кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш режалаштирилаётгани таъкидланди.

Бу ишлар Ўзбекистон Президентининг "2017-2018 йилларда минтақавий автомобил йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ амалга оширилади. 

Қарорга мувофиқ, минтақавий йўлларни таъмирлашга ихтисослаштирилган ташкилотларни 330 та йўл техникаси билан таъминлаш кўзда тутилган.

Бугунга қадар республика бўйича эса жами 1255,6 км ички йўллар ва кўчалар таъмирланди.

Бундан ташқари, умумий фойдаланувдаги, халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятда бўлган автомобил йўлларидаги йўл қурилиш ва таъмирлаш ишлари давом эттириб келинмоқда. Жумладан, 2017 йилнинг ўтган 1-чораги давомида Инвестиция дастури бўйича 59,7 млрд. сўмлик реконструкция ишлари, капитал таъмирлаш дастури бўйича 9,4 млрд. сўмлик, жорий таъмирлаш ва сақлаш ишлари бўйича эса 195,3 млрд. сўмлик миқдоридаги бажарилди. 710 километрдан ортиқ умумий фойдаланувдаги автомобил йўллари ҳолати яхшиланди.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистондаги жами автомобил йўллар тармоғи 184 минг км узунликда бўлиб, ундан 42695 километри – умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларидир (2755 км узунликдаги "Ўзбек миллий автомагистрали" ҳам шу таркибга киради). Бундан ташқари, шаҳар кўчалари (7126 км), туман марказлари кўчалари (12529 км), қишлоқ аҳоли пунктлари кўчалари (64839 км), ички хўжалик йўллари (32066 км) ҳамда корхона ва ташкилотларнинг идоравий йўллари (24745 км) ҳам мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги фармонига асосан Автомобил йўллари қуриш ва фойдаланиш давлат-акциядорлик компанияси ("Ўзавтойўл" ДАК) тугатилиб, Ўзбекистон Республикаси Автомобил йўллари давлат қўмитасини ташкил этилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: