Ўзбекистон Ягона портали кўчмас мулк ҳақида маълумотнома олиш учун аризалар қабул қила бошлади

Дата: 11:24, 26-08-2015.

Тошкент. 26 август. ЎзТАГ – Ягона интерактив давлат хизматлари порталида янги хизмат – кўчмас мулк билан операциялар (олди-сотди, алмашиш, совға қилиш, гаров, ижара ва ҳ.к), амалга ошириш учун унинг кимга тегишлилиги ҳақидаги маълумотнома олишга аризаларни онлайн тарзда бериш хизмати ишга туширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Портал хабарига кўра, мижозлар интерактив хизмат орқали кўчмас мулк бузилиши мумкинлиги тўғрисидаги (Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори мавжуд бўлган тақдирда) ва бошқа ҳолатларни ўз ичига олган тегишли маълумотномани олишлари мумкин. Маълумотнома тақдим этишнинг имкони мавжуд бўлмаганда эса бир иш куни ичида аризачига рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда хабар юборилади.

Интерактив хизмат Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси томонидан юридик ва жисмоний шахсларга бепул кўрсатилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: