Ўзбекистон Ягона портали мурожаатларни электрон рақамли имзосиз қабул қила бошлади

Дата: 21:29, 28-11-2016.

Тошкент. 28 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ягона интерактив давлат хизматлари портали аҳоли мурожаатларини электрон рақамли имзосиз қабул қила бошлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига асосланган ҳолда.

“Бош вазирнинг Виртуал қабулхонаси орқали фуқароларнинг кўп сонли илтимослари муносабати билан Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан давлат ва хўжалик, маҳаллий давлат бошқаруви органларига мурожаат юборишда электрон рақамли имзонинг (ЭРИ) мавжуд бўлиши шартлигини бекор қилинди”, - дейилади хабарда.

Эндиликда Ўзбекистон фуқаролари Ягона портал орқали исталган давлат идорасига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имконига эга бўлдилар. Мазкур қулайлик мурожаатларни узатиш ва кўриб чиқиш тартибининг соддалашишига ҳам хизмат қилади.

Таъкидланишича, Ягона портал воситасида фуқаролар электрон рақамли имзога эга бўлмасдан туриб ҳам давлат ташкилотлари раҳбарларининг қабулига онлайн ёзилишлари мумкин.

Порталда рўйхатдан ўтиш эндиликда порталнинг ўз рўйхатга олиш тизими, ID.UZ ва UzCard тизими орқали амалга оширилади.

Бундан ташқари, pm.gov.uzдан ташқари Ўзбекистон фуқаролари вазирлик ва муассасаларнинг сайтлари орқали улар раҳбарларининг шахсий виртуал қабулхоналари ҳам яратилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: