Ўзбекистон ЯИМ 5,2% ўсди

Дата: 17:13, 24-10-2018.

Тошкент. 24 октябр. ЎзТАГ – 2018 йилнинг январ-сентябрида Ўзбекистон Республикасининг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми жорий нархларда 244 343,7 млрд сўмни ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 5,2% га ўсди, деб хабар беради Ўз Р. Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати.

“ЯИМ дефлятори индекси 2017 йилнинг январ-сентябридаги нархларга нисбатан 131,6%ни ташкил этди. Аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ 7 433 минг сўмни ташкил этди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,5% га юқоридир”, - дейилади хабарда.

Шундан кейин қайд этилишича, иқтисодий ўсиш суръати иқтисодиётнинг асосий тармоқларида кузатилган ижобий динамика билан боғлиқдир. “Иқтисодиётнинг барча тармоқларида яратилган ялпи қўшилган қиймат (кейинги ўринларда ЯҚҚ) ҳажми ЯИМ умумий ҳажмининг 86,3% ини ташкил этди ва 5,3% га ўсди (ЯИМ мутлоқ ўсишига таъсири 4,6 фоиз пунктни ташкил этди). Маҳсулотларга соф солиқларнинг ЯИМ таркибидаги улуши 13,7% ни ташкил этди ва 4,5% даражасида ўсиш қайд этилди (ЯИМ мутлоқ ўсишига таъсири 0,6 ф.п.)”, - дейилади хабарда.

Шу билан бирга, ЯИМ ўсиш суръатига хизматлар соҳаси энг катта таъсир кўрсатди (2,5 ф.п.) ва бу соҳа ўтган йилнинг январ-сентябрига нисбатан 6% га ўсди. “Шундан, савдо хизматлари (автотранспорт воситаларини таъмирлашни қўшган ҳолда) 3,9%га, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар 5,6%га, ташиш ва сақлаш 3,9%га, ахборот ва алоқа 17%га ва бошқа хизматлар 6,4%га ўсди. Саноат тармоғининг қўшилган қийматида 6,3%лик ўсиш қайд этилди. Саноат ишлаб чиқаришининг ЯИМ мутлоқ ўсиш суръатига ижобий таъсири 1,4 ф.п. даражасида баҳоланди. Саноат тармоғидаги ижобий динамика тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлаш тармоғи қўшилган қийматининг 28,5%га, ишлаб чиқарадиган (қайта ишлаш) саноат тармоғи қўшилган қийматининг 2,4%га ва бошқа саноат тармоқларининг 2%га ўсиши ҳисобига таъминланди”, - деб таъкидланади хабарда.

Сурат манбаи: https://ru.sputniknews-uz.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: