Ўзбекистон якка тадбиркорлари белгиланган солиқларни фаолият турига қараб тўлайдилар

Дата: 16:44, 22-09-2014.

Тошкент. 22 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон якка тадбиркорлари белгиланган солиқларни фаолият туридан келиб чиққан ҳолда тўлайдилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Давлат солиқ қўмитасига асосланган ҳолда.

“Солиқ кодексининг 375 моддасига биноан белгиланган солиқ тадбиркорлик фаолияти тури ва солиқ тўловчи фаолияти амалга ошириладиган жойга қараб муқим ўрнатилган ставкалар бўйича солиқ тўловчи томонидан тақвим ойида неча кун ишлаганидан қатьи назар тўланади”, - деб таъкидлашди қўмита матбуот хизматида.

Бир неча фаолият тури билан шуғулланадиган солиқ тўловчилар эса ҳар бир фаолият тури бўйича ушбу фаолият учун белгиланган ставкалар бўйича алоҳида солиқ тўлайдилар.

Хусусан, агар фаолият амалга ошириладиган жой бўйича белгиланган солиқ ставкалари давлат рўйхатидан ўтган жой бўйича солиқ ставкаларидан фарқ қилса, белгиланган солиқнинг миқдори кўпроқ бўлгани тўланади.

Шунингдек, Солиқ кодексининг 311 моддасига биноан якка тадбиркорлар мажбурий равишда ойига энг кам иш ҳақи миқдорида суғурта бадаллари ҳам тақвим ойида неча кун ишлаганидан қатьи назар тўлайдилар.

Бунда белгиланган солиқ ставкалари йил боши белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан (2014 йилнинг 1 январи, 96 105 сўм) келиб чиққан ҳолда аниқланади ва йил бўйи энг кам иш ҳақи миқдори ўзгаришига қарамасдан қайта кўриб чиқилмайди.

Белгиланган солиқ ставкалари билан Давлат солиқ қўмитаси сайтида танишиш мумкин.

Янгилик билан ўртоқлашиш: