Ўзбекистон-Янги Зеландия икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжудлиги қайд этдилар

Дата: 13:49, 26-06-2018.

Тошкент. 26 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон-Янги Зеландия икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжудлиги қайд этдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, бу борада 25-июн куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Янги Зеландия Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Иэн Александр Хилл билан учрашувда сўз борди.

“Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Янги Зеландия кун тартибидаги долзарб масалаларга ва уни кенгайтириш истиқболларига асосий эътибор қаратилди. Ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилди”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Мамлакатларимизнинг географик жиҳатдан олислигига қарамасдан савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар, хусусан қишлоқ хўжалиги, муқобил электр энергияси, туризм, фан-таълим соҳаларида Янги Зеландиянинг илғор тажрибасини жалб қилган ҳолда ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканлиги таъкидланди ва унинг аниқ истиқболлари мавжудлиги қайд этилди.

“Учрашувда ҳамкорликнинг ишончли меъёрий-ҳуқуқий базасини яратиш, жумладан савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик, инвестицияни ўзаро ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, икки марта солиққа тортмаслик ва бошқа соҳаларда битимлар тайёрлаш ва имзолаш юзасидан таклифлар кўриб чиқилди”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

 

Сурат манбаи: https://www.gazeta.uz/ru/2017/06/28/nz/

Янгилик билан ўртоқлашиш: