Ўзбекистон январ-февралда экспорт қилганидан кўп импорт қилди

Дата: 17:35, 15-03-2018.

Тошкент. 15 март. ЎзТАГ –2018 йил январ-феврал ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси $3,9 млрдни, шу жумладан, экспорт $1,5 млрдни ва импорт $2,4 млрдни ташкил қилди. Ташқи савдо айланмаси салдоси минус $939,4 млнни ташкил этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Давлат статистика қўмитаси маълумотларига таянган ҳолда.

Хусусан, муассаса маълумотларига кўра, энергоманбалар ва нефт маҳсулотлари экспорти ўтган йилга нисбатан 2,7 бараварга кўпайди. Бу табиий газ экспорти (3,8 бараварга), машина ва ускуналари (79,7%га), булардан кабель-ўтказиш маҳсулотлари (4,7 бараварга), трансформатор ва аккумуляторлар (2 бараварга), электрқиздиргичлар ва электротермик қурилмалар (2,8 бараварга) ҳисобига амалга ошди. Озиқ-овқат товарлари экспорти буғдой экспорти кўпайиши (3,1 бараварга) ва мева-сабзавот маҳсулотлари кўпайиши (36,9%) ҳисобига 48,2% ошди.

Импорт таркибида асосий улуш машина ва ускуналарига (36,7%) ва кимё маҳсулотлари ва улардан ясалган буюмлар (14,9%) ҳиссасига тўғри келди.

МДҲ мамлакатлари орасида Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо ҳамкорлари Россия, Қозоғистон, Беларусь, Украина, Тожикистон ва Қирғизистон бўлиб, улар ҳиссасига ташқи савдо айланмасининг 40,7% тўғри келмоқда. Бошқа мамалакатлар орасида Хитой, Туркия, Корея Республикаси, Афғонистон, Германия, Латвия, АҚШ, Ҳиндистон бўлиб, улар ҳиссасига ташқи савдо айланмасининг 40,9% тўғри келмоқда.

Сурат манбаи: https://www.zakon.kz/4783201-torgovyjj-balans-rk-v-2015-godu-dokhody.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: