Ўзбекистон Японияга янги мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришни режалаштирмоқда

Дата: 17:15, 26-03-2018.

Тошкент. 26 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Японияга янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2018 йилнинг ўрталарига келиб, Токиода доимий кўргазмага эга бўлган савдо уйини очиш режалаштирилмоқда. Савдо уйини рўйхатга олиш босқичини якунлангач, у ерга янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини, шу жумладан, қуритилган мевалар ва гилос, шунингдек, мошни синов тариқасида етказиб бериш ташкил этилади”, - дейилади Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлигининг Ахборот хизмати хабарида.

Япониядаги савдо уйини ташкил этиш тўғрисидаги келишувга, Ўзбекистон делегациясининг Токиога “Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларнинг янги тенденциялари” номли инвестицион форумда ташрифи доирасида эришилди, дея таъкидланади хабарда. Форум ишида 140дан ортиқ давлат тузилмалари ва идоралари, банклар, корпорациялар, тадқиқот марказлари, университетлар, шунингдек, Япония оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Иштирокчилар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг бошланғич натижалари ва истиқболли имкониятларини муҳокама қилдилар, мамлакатда инвестиция муҳитининг сезиларли даражада яхшилангани ва иқтисодиётнинг хорижий инвесторлар учун жозибадорлиги оширилгани таъкидланди”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, UzTrade ва Meiko Corporations ўртасидаги Токиода ўзбек савдо уйини очиш тўғрисидаги келишувлар доирасида ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг кенг турдаги маҳсулотларини ушбу минтақада сотиш учун намойиш этиш режалаштирилмоқда.

Сурат манбаи: http://china-uz-friendship.com/?p=11314

Янгилик билан ўртоқлашиш: