Ўзбекистон ёғ-мой саноати энергосамарали технологияларни жорий этмоқда

Дата: 15:38, 11-08-2017.

Тошкент. 11 август. ЎзТАГ – 8 августда ОАВ вакиллари учун ташкил этилган пресс-тур доирасида “Каттақўргон ёғ-мой” АЖ мисолида корхоналарнинг энергия самарадорлигини ошириш кўриб чиқилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тур Иқтисодиёт вазирлиги томонидан ташкил этилди. Учрашув ISO 50001 энергоменеджмент стандартларини жорий этишга бағишланган тақдимотдан бошланди. Натижада АЖ кутилаётган энергия тежамини автоматик ҳисоблаш, энергетик ресурсларнинг носамарали ишлатилиши ҳолатларни вақтида аниқлаш имконига эга бўлди.

Ускуналарни модернизация қилш корхона энергоменежментининг бир қисми ҳисобланади. Бунинг учун корхона Халқаро тараққиёт уюшмаси кредитидан фойдаланиб, буғ қозон ускуналарини алмаштирди.

Натижада, қуввати соатига 20 ва 15 тонна бўлган Италиянинг IСI CAIDAIE S.p.A компанияси ишлаб чиқарган буғ қозонлари 90% юқори фойдали ҳаракат коэффициенти билан ишламоқда.

Уларнинг умумий қиймати $965 минг бўлиб, бунинг $772 минги “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида ажратилган кредит ҳисобидан тўлаб берилди.

Ускуналар 2014 йил 1 сентабр куни ишга туширилди ва биринчи олти ойнинг ўзида 7-9% электроэнергия ва 23-25% табиий газ тежашга имкон берди.

Юқоридаги лойиҳа доирасида “Урганч ёғ-мой”, “Учқурғон ёғ-мой” ва “Тошкент ёғ-мой комбинати” АЖда ҳам шу каби замонавий буғ қозонхоналари ўрнатилди.

Бунинг натижасида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2014 йилдаёқ 0,9 млн кВт соат электр энергияси ва 2 млн куб метр табиий газ тежалган. Мутахассисларнинг фикрига кўра, ёғ-мой комбинатларида қозон агрегатларининг реконструкция қилиниши энергоресурслар тежалишини таъминлайди, ҳавога заҳарли чиқиндилар ҳажмини камайтиради ва айни пайтда хизмат харажатларини минималлаштиради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: