Ўзбекистон ёш киноходимлари кенгаши тақдимот ўтказди

Дата: 16:09, 13-11-2017.

Тошкент. 13 ноябр. ЎзТАГ – Куз бошида ташкил этилган Ўзбекистон ёш киноходимлари кенгаши ўз лойиҳа ва тадбирларининг тақдимотини ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тақдимот республика Ёшлар пресс-клубининг Тошкентдаги йиғилишида бўлиб ўтди.

Тақдимотда “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Фурқат Зокиров, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раисининг ўринбосари Камоллидин Бекназаровлар қатнашдилар.

Таъкидланишича, Ўзбекистон ёш киноходимлари кенгаши нодавлат нотижорат ташкилоти Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва Кинематографияни ривожлантириш маркази ўртасидаги келишувга мувофиқ ташкил этилган. 

Унинг асосий вазифаларидан бири ёшларнинг кинематография соҳасидаги ижодига кўмаклашиш, ёшларни ватанпарварлик, миллий қадриятларни қадрлаш руҳида тарбиялашдан иборат.

Кенгаш юқори сифатли бадиий, ҳужжатли, мультипликацион, қисқа муддатли фильмлар ва телесериалларни суратга олиш, ижодий лойиҳаларни амалга ошириш, танловлар, фестивал ва кинофорумлар уюштириш, кино санъати соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш ишларига ўз ҳисасини қўшиш ниятида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: