Ўзбекистон ёшлар термаси Фарғонадаги янги стадионда ғалаба қозонди

Дата: 11:28, 07-04-2015.

Тошкент. 7 апрел. ЎзТАГ – Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар термаси U-20 Янги Зеландия U-20 термаси устидан ўртоқлик учрашувида ғалаба қозонди. Ушбу ўйин Фарғонадаги янги “Истиқлол” стадионидаги илк ўйин бўлди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ЎФФдан хабар қилишларича, ўйин стадионнинг очилишига бағишлаб ўтказилиб, ўйин олдидан ўзбек эстрадаси юлдузлари иштирокида концерт дастури бўлиб ўтди. Ҳозирда Ўзбекистон ва Янги Зеландия ёшлар термалари U-20 жаҳон чемпионати финал қисмига тайёргарлик кўрмоқдалар.

Томошабинларга тўла стадиондаги ўйин Ўзбекистон термасининг хужумлари билан бошланди. Натижада, ўйиннинг 12 дақиқасида Жавохир Соҳибовнинг аниқ зарбасидан сўнг ҳисоб очилди.

Ўйин жуда қизиқарли кечди ва ҳар икки жамоа ҳисобни ўзгартириш учун етарли имкониятларга эга бўлди. Лекин Соҳибовнинг голи ўйиндаги ягона голлигича қолиб, Равшан Хайдаров шогирдларига ғалаба келтирди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: