Ўзбекистон ёшлари ҳунарларга замонавий ёндашувларга ўргатилади

Дата: 18:07, 06-07-2017.

Нукус. 6 июл. ЎзТАГ – 7 ва 8 июлда Нукусда анъанавий ҳунарлар ва инновацион дизайн синтези бўйича икки кунлик тренинг ўтказилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Қорақалпоғистонлик ёш ҳунармандлар ва дизайнерлар учун ўтказилаётган тренинг Ўзбекистон Бадиий академиясининг Қорақалпоқ бўлимининг Ҳунармандчиликни ривожлантириш марказида бўлиб ўтади. Тадбир ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Ўзбекистон Бадиий академиясининг Қорақалпоқ бўлими билан биргаликда ташкил этилган.

Тренингдан кўзланган асосий мақсад 25 атрофида ёш ҳунармандлар ва дизайнерларни Қорақалпоғистон анъанавий маданияти билимлари, анъанавий ҳунармандчилик техникасидан замонавий дизайнда (орнаментика ва ранг, табиий бўяш ва материаллар, замонавий кийимларда орнаментлар, сифат талаблари) фойдаланишга ўргатишдир.

Тренинг анъанавий текстил бўйича хорижий эксперт, ЮНЕСКОнинг санъат арбоби дизайнер Биби Рассел (Буюк Британия/Бангладеш) томонидан ўтказилади.

Шунингдек, у Фарғона вилоятининг марғилон шаҳрида 12-16 сентябрда ўтказиладиган учинчи “Атлас байрами 2017” текстиль фестивалига тайёргарлик босқичидир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: