Ўзбекистон юқори тезликдаги темир йўл ҳаракатини Қаршигача узайтиришга $324 млн йўналтирди
Тошкент. 24 август. ЎзТАГ – “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ юқори тезликдаги темир йўл ҳаракатини Қаршигача узайтирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“22 августда ушбу йўналиш бўйича илк рейс йўлга чиқди. Лойиҳанинг умумий қиймати $324 млн, бундан $110,9 млни компаниянинг ўз маблағи, $100 млн кредит Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган, қолган маблағлар давлат бюджетига тегишли”, – деб таъкидлашди “Ўзбекистон темир йўллари” матбуот хизматида.
Юқори тезликдаги ҳаракат йўлга қўйилгунга қадар “Тошкент-Қарши” йўналишида поездлар 511 километрлик йўлни 6 соатда босиб ўтар эди. Эндиликда Talgo (Испания) электропоездларида йўл 3 соатгача, O’ZEL электропоездларида 4 соатгача қисқарди.
Электрлаштирилган участкаларда тўхтовсиз ҳаракатларни таъминлаш учун автоматлашган диспетчерлик бошқаруви ва электроэнергиясини ҳисоблашнинг автоматлашган тизимидан фойдланилмоқда. “Мароқанд-Айритом” ва “Айритом-Қашқадарё” орасидаги йўллар замонавий микропроцессорли яримавтомат блоклари билан жиҳозланган.