Ўзбекистон ЮНКТАДнинг электрон савдо индексида 78 ўринни олди

Дата: 14:10, 25-03-2015.

Тошкент. 25 март. ЎзТАГ - Ўзбекистон БМТ Савдо ва ривожланиш бўйича Конференциясининг (ЮНКТАД) электрон савдо индексида 78 ўринни олди, дея хабар қилади UzDaily.uz.

Ўзбекистон ЮНКТАДнинг 24 март куни эълон қилинган “B2C” (корхона-истеъмолчи) электрон савдо индексида 78 ўринни эгаллади.

2015 йилги “Ахборот иқтисодиёти ҳақида маъруза” куни-кеча “Ривожланаётган мамлакатлар салоҳияти манфаатларида электрон савдо салоҳиятидан фойдаланиш” деган тагсўз билан чиқди.

Электрон савдо индекси интернетдан фойдаланиш ҳақидаги маълумотлар, хафвсиз серверлар сони, кредит карталар билан тўловнинг тарқалганлиги ва почта жўнатмаларининг етказиб берилиши кабилар асосида тузилган.

Электрон савдога тайёргарликни баҳолаш электрон савдо бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқишда биринчи босқич бўлиши мумкин, деб таъкидлайди ЮНКТАД.

Индексга 130 мамлакат кирди. Ўзбекистон 43,8 индекси билан 78 ўринни олди. Ҳисоботга кўра, 100% аҳоли уйига почта жўнатмалари олиши мумкин.

ЮНКТАДга кўра, атига 3,4% Ўзбекистон аҳолиси кредит карталарига эга (2011 йил маълумотлари).

Интернетдан фойдаланувчи аҳоли улуши 36,5%, ҳар 1 млн кишига хавфсиз серверлар сони 35,3 донага тенг.

Электрон савдога энг яхши тайёр бўлганлар сирасига Люксембург, Норвегия ва Финляндия давлатлари кирди.

Ривожланаётган давлатлар орасида етакчиларга фақат Корея Республикаси, Гонконг (Хитой) ва Сингапур кирди. Аммо харидлар ялпи ҳажми бўйича Бразилия, Хитой ва Россия Федерацияси каби мамлакатлар ҳам яхши натижа кўрсатмоқда.

ЮНКТАД баҳоларига кўра, глобал электрон савдонинг (B2C) ялпи ҳажми $1,2 трлнга тенг, деб ёзади нашр.

Янгилик билан ўртоқлашиш: