Ўзбекистон юридик маслаҳат хизматлари кўрсатувчи субъектлар доираси кенгайтирилади

Дата: 16:32, 15-05-2018.

Тошкент. 15 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон юридик маслаҳат хизматлари кўрсатувчи субъектлар доираси кенгайтирилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан кўзда тутилган.

“Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатасининг 2018 йилнинг 1 августидан бошлаб қуйидаги тартибни жорий этган ҳолда ҳуқуқий маслаҳат хизматлари кўрсатувчи субъектлар доирасини кенгайтириш ҳақидаги таклифига розилик берилсин: тижорат ташкилотлари юридик маслаҳат хизматларини лицензия олмасдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга ошириши мумкин. Бунда қайд этилган ташкилотлар фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича судларда вакиллик қилиш ҳуқуқига эга бўлмайдилар”, - дейилади ҳужжатда.

Шундан кейин таъкидланишича, адвокатлик тузилмалари юридик маслаҳат хизматларини Ўзбекистон Республикасининг “Адвокатура тўғрисида”ги қонунига мувофиқ амалга оширадилар.

“Адлия вазирлиги Адвокатлар палатаси билан биргаликда икки ой муддатда рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтмасдан умумий талабларни назарда тутган ҳолда Тижорат ташкилотлари томонидан юридик маслаҳат хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги низом лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин”, - деб таъкидланади фармонда.

Сурат манбаи: https://kun.uz/ru/news/2018/04/06/koncepcia-reformirovania-nalogovoj-sistemy-respubliki-uzbekistan

Янгилик билан ўртоқлашиш: