Ўзбекистон ўз олдига “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида биринчи йигирматаликка кириш вазифасини қўймоқда
Тошкент. 16 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон ўз олдига “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида биринчи йигирматаликка кириш вазифасини қўймоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Белгилаб қўйилсинки: инвестиция муҳитини яхшилаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг стратегик мақсади – тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун мамлакатда 2022 йилгача Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” ҳисоботидаги (кейинги ўринларда “Бизнес юритиш” ҳисоботи деб юритилади) жаҳон мамлакатларининг биринчи йигирматалиги даражасига мос келадиган энг қулай шарт-шароитларни яратишдир”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори матнида.
Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги “Бизнес юритиш” ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада ошириш соҳасидаги ишларни мувофиқлаштириш ҳамда бу йўналишда Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси билан ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.
Сурат манбаи: http://www.ktrk.kg/birinchi/news/10362/ru